(8 371) 150-00-09

Нашрлар пештахтаси

«Soliq solish va buxgalteriya hisobi» «Soliq solish va buxgalteriya hisobi»
Журнал корхоналар ва ташкилотлар раҳбарл...
батафсил
«Kadrlar masalalari bo'yicha ma'lumotnoma» «Kadrlar masalalari bo'yicha ma'lumotnoma»
Журнал турли мулкчилик шаклидаги корхона...
батафсил

Президент ТВ орқали халққа табрик йўллади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни мамлакат халқини телевидение орқали Наврўз байрами билан табриклади. Бу йили Наврўз байрамига бағишланган асосий тантаналар пойтахтдаги Абдуллар Қодирий номидаги истироҳат боғида ўтказилди.

«Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл — Наврўзи олам кириб келмоқда. Ана шу улуғ айём — шарқона янги йил билан каттаю кичик барча юртдошларимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман», — деди давлат раҳбари.

«Бу йилги Наврўз байрами барча шаҳар ва қишлоқларимизда умумхалқ сайиллари тарзида ўтаётгани унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда», — деди Президент. Шавкат Мирзиёев Наврўз руҳи ва фалсафаси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ғоя ва мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг равишда намоён бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

«Эл-юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда. Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда», — дея қайд этди мамлакат раҳбари.

«Бугун фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз», — деди у.

«Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун халқимиз учун энг суюкли байрамдир. Бугун биз юртимизда мана шундай қутлуғ байрамни нишонлаш баробарида, бутун дунёда тинчлик ва хотиржамлик бўлишини, узоқ ва яқин барча давлатларнинг халқларига тараққиёт, фаровонлик ҳамда равнақ тилаймиз», — дея қўшимча қилди Президент.

Манба: gazeta.uz